Линклар

Шошилинч хабар
07 август 2025, Тошкент вақти: 14:09

SOCAR билан келишув. Расмий баёнотлар нега фақат прогноз билан чекланяпти?


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги нефть-газ шартномасига кўра, Устюртда миллионлаб тонна нефть заҳираси топилиши мумкин. Аммо бу ҳозирча фақат прогноз холос.

2025 йилнинг 24 июлида имзоланган келишув стратегик лойиҳа сифатида баҳоланмоқда. Газ ва электр инқирозидан йиллар давомида қийналиб келаётган Ўзбекистон учун бу лойиҳа муаммолар ечими сифатида ҳам кўрилади.

Давлат телеканалларида ҳали топилмаган заҳиралар мамлакатнинг чорак асрлик эҳтиёжини қоплаши ҳақида эълон қилингани билан экологик жиҳатлари очиқланмаган.

Вазирликник умиди

Лойиҳани амалга оширувчи Озарбайжоннинг SOCAR компанияси Бойтерак, Теренгқудук, Биргори, Харой, Қорақалпоқ ва Қулбой блокларида геологик тадқиқотлар ўтказиб, 1000 км² ҳудудда 3D сейсмик изланиш бошлашни режалаштирган.

Энергетика вазирлигининг маҳсулот тақсимоти битимлари бўйича гуруҳ раҳбари Адҳамжон Убайдуллаев лойиҳа ҳақида журналистларга шундай деган:

“Мутаҳассисларнинг фикрича, дунё миқёсидаги таниқли компанияларнинг анализларига кўра, бу лойиҳадан умидлар катта. Газ заҳиралари аниқланиб, кейинчалик қазиб олинганидан кейин ўзимизнинг ички истеъмолга биринчи навбатда йўналтирилади. Бу эса барча соҳада ўз аксини топади. Аҳоли ва саноат тармоқларини ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўлақонли, арзон ва сифатли нефть ва нефть маҳсулотлари билан таъминлашда ўзининг салмоқли ўрнига эга бўлади деб умид қилиняпти”.

Ўзбекистон томонига кўра, SOCAR компанияси 2 миллиард долларгача сармоя киритиши кутилмоқда. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, инвестор нефть-газ ишларини мустақил амалга оширади, харажатларини эса компенсация маҳсулоти орқали қоплайди, қолган фойда томонлар ўртасида келишилган улушда бўлинади.

“Ушбу битимнинг имзоланиши Марказий Осиё ва Каспий минтақасида энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиямизнинг тасдиғидир. SOCAR тўпланган бой тажриба ва илғор технологик ечимларни қўллаган ҳолда лойиҳани амалга оширишга иштиёқ билан киришмоқда. Ишончимиз комилки, бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва инфратузилмасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади” - деган SOCAR компанияси президенти Ровшан Нажаф.

Ўзбекистоннинг Энергетика вазири (ўртада) SOCAR ва "Ўзбекнефтьгаз" компаниялари раҳбарлари билан.
Ўзбекистоннинг Энергетика вазири (ўртада) SOCAR ва "Ўзбекнефтьгаз" компаниялари раҳбарлари билан.

Озарбайжон компаниясининг маълумотига кўра, қидирув ва разведка, шунингдек, камида битта қидирув қудуғини бурғулаш ишларини 5 йил ичида якунлаш режалаштирилган.

“Ўзбекистон 24” телеканали берган маълумотда айтилишича, Устюртдаги олти блокда геология-қидирув ишлари олиб борилиб, 100 млн тонна нефть ва 35 млрд куб метр газ заҳираси аниқланиши кутиляпти. Агар бу прогнозлар тасдиқланса, лойиҳа Ўзбекистоннинг 2 млн тонналик йиллик нефть импортини тўлиқ қоплаб, 25 йиллик ички эҳтиёжни таъминлаши мумкин.

  • Устюрт - Ўзбекистоннинг ғарбида, аниқроғи Қорақалпоғистонда жойлашган баланд плато бўлиб, унинг бир қисми Қозоғистонга қарайди. Бу жой нефть ва газга бой минтақа экани айтилади.


Қани нефть? Қани мустақиллик?

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, бундай лойиҳаларда фақат оптимистик прогнозлар эмас, балки базавий ва пессимистик сценарийлар ҳам муҳокама қилиниши керак. Акс ҳолда, GTL заводи ёки Бойсундаги каби хатарли лойиҳалар яна такрорланиши мумкинлигини таъкидлайди у:

“SOCAR’га ҳурмат сақлаган ва унинг Ўзбекистонга кириб келганини олқишлаган ҳолда, бу рақамлар фақат прогноз эканини таъкидлаш ва ёдда тутиш лозим, шонли энергетиклар шунчаки прогноз рақамларнинг пиар мақсадида ишлатиши биринчи марта эмас. Шунақа пиар доирасида, афсуски ғирт самарасиз ва нархи шиширилган лойиҳалар тасдиқланиб олинади (буларнинг ҳаммасини якунда истеъмолчи ва солиқ тўловчилар тўлайди, пудрат тушумлар эса Кипр ё Гонконгдаги чўнтакларга оқади)”.

Бакиров 2023 йилдаги “нефть мустақиллиги” ваъдаларини мисол қилиб келтириб, лекин амалда маҳаллий ишлаб чиқариш тушиб кетганини, импорт эса кўпайганини қўшимчалаган:

“Узоққа бормайлик, 2023 йил ноябрда 2-3 йил ичида Ўзбекистон нефть мустақиллигига эришиши ваъда қилинган. Шонли энергетикларнинг пиарига асосланган пўрим репортажлар Ўзбекистон-24 каналида намойиш этилган. Ўшанда захиралари C1 тоифасидаги сланец рудаси 55 миллион тоннани ташкил этиши, келажакда кон захиралари 400 миллион тоннагача етиши мумкинлиги айтган шонлилар қани? Қани нефть? Қани мустақиллик? Мустақилликка эришиш тугул, нефть қазиб олиш тинимсиз қисқариб (700 минг тоннага тушиб қолган) шимолга қарамлик (2 млн.тоннага етган) узлуксиз ортмоқда”.

Келишув имзоланган кун.
Келишув имзоланган кун.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов SOCAR билан ҳамкорлик - технологик тараққиёт ва иқтисодий ўсишнинг муҳим омили бўлишига ишонишини айтган.

"Россия монополиясидан узоқлашиш - тўғри"

Келишувга пезидент Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга 2 июлдаги давлат сафаридан кейин қўл қўйилди. Айрим таҳлилчилар ушбу шартнома Озарбайжоннинг Россиядан узоқлашуви ва минтақавий геосиёсий ўзгаришлар фонида амалга ошаётгани боис, Кремлдан Тошкентга нисбатан босим бўлиши мумкинлигини таҳмин қилишади.

“Мен ўйлайманки, бу жуда ижобий қадам. Диверсификация қилиш, яъни Россиянинг монополиясини Марказий Осиёда, айнан Ўзбекистон ҳудудида синдириш. Чунки, Россиянинг нефть ва газ соҳасидаги монополия жуда сезиларли даражада бор, ва унинг самараси анча паст. Ўзбекистоннинг энергетика соҳасининг ривожланишига ёки умуман таъсир қилмайди, ёки салбий таъсир қилади. Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида Россиядан узоқлашиши жуда муҳим. Собиқ Совет ҳудудидаги ривожланиб келаётган Озарбайжон каби мамлакатлар билан, қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик қилмаса, Ўзбекистон ривожлана олмайди. Қўшни деганда, биринчи навбатда Қозоғистонни назарда тутяпман” - дейди сиёсий шарҳловчи Анвар Назир.

Аммо шартноманинг ҳуқуқий ва экологик жиҳатлари ҳам ошкор этилмаган. Кузатувчилар бундай йирик шартномаларнинг оммага тўлиқ маълум қилинмаслигини ёки фақат ижобий натижалар билан тақдим этилишини таъкидлайдилар.

"Озодликнинг" суриштирувларида газ ва нефтга боғлиқ айрим олдинги лойиҳаларда маҳаллий элита ва хорижий компаниялар ўртасида оммага айтилмаган ҳолатлар очиқланган.

Британиядаги Ulster университетининг профессори, Ўзбекистондаги газ ва нефтга боғлик суриштирувларнинг эксперти Кристиан Ласслетт бундай дейди:

"Ўтган ўттиз йил ичида Ўзбекистонда нефть ва газ элита ёки сиёсатчилар оиласи ва уларнинг хориждаги ҳамкорлари учун бойлик манбаига айланган. Энг муҳим жиҳатлар - молиялаштириш шартлари, маҳсулотни бўлишиш шартномалари, келишувлар, имтиёз ва субсидиялар ҳақидаги қарорларнинг майда-чуйда тафсилотларида яширинган бўлади. Аксарият ҳолларда бу ҳужжатлар ё умуман чоп этилмайди, ёки тўлиқ эълон қилинмайди. Агар бундай ҳужжатлар бугун жамоатчиликка тўлиқ тақдим этилмаётган бўлса, савол туғилади: нега?"

Ўзбекистонда энергия лойиҳаларида Хитой, Буюк Британия, Франция, Россия, Бирлашган Араб Амирлиги, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг компаниялари иштирок этади.

АҚШнинг Energy Information Administration ташкилоти маълумотига кўра, 2025 йил давомида Ўзбекистоннинг тасдиқланган нефть захиралари тахминан 594 миллион баррел, газ захиралари эса 1.8 триллион куб метрга яқин. 2023 йили газ ишлаб чиқариши 46.7 миллиард куб метргача пасайгани, нефть етиштириш ҳам бир неча йиллик тенденцияда 700 минг тоннадан ошмай қолгани айтилади.

SOCAR компанияси ҳақида маълумот

SOCAR - Озарбайжоннинг 1992 йилда ташкил этилган давлат нефть-газ компанияси бўлиб, қидирув, қазиб олиш, қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланади. Фаолияти нафақат Озарбайжонда, балки бир қатор хорижий давлатларда амалга оширилади.

2019 йил январида SOCAR Британиянинг BP компанияси билан бирга Устюрт ҳудудида нефть ва газ излаш бўйича геологик разведка ишларини олиб бориши айтилган. Шу йилнинг октябрь ойида “Ўзбекнефтгаз” билан Каспий денгизининг Озарбайжон қисмида нефть казиб олиш лойиҳаси эълон қилинган.

Маҳаллий матбуотдаги хабарларга кўра, 2023 йилда икки давлат нефть-газ соҳасида катта лойиҳа тайёрлаётганини маълум қилган, 2024 йилга келиб, “Ўзбекнефтгаз” ва SOCAR геология-қидирув ва хизматлар кўрсатиш бўйича қўшма ҳамкорлик битимини имзолаган.


Форум

XS
SM
MD
LG